филология фанлари номзоди, доцент
1968 йилнинг 16 майида Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида таваллуд топган.
1992 йил Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг Навоий филиали Ўзбек тили ва адабиёти факультетини имтиёзли диплом билан тамомлаган. Меҳнат фаолиятини мазкур факультетнинг Ўзбек, қозоқ тиллари ва адабиёти кафедрасида бошлаган.
1992-1994 йилларда Навоий давлат педагогика институти ўзбек, қозоқ тиллари ва адабиёти кафедраси ўқитувчиси, 1994-1998 йилларда эса Навоий давлат педагогика институти “Ўзбек тили” кафедраси ўқитувчиси лавозимида ишлаган.
1998-1999 йилларда шу кафедранинг катта ўқитувчиси, 1999-2002 йилларда эса Навоий давлат педагогика институти ўзбек филологияси факультети декан муовини, 2002- 2011 йилларда Ўзбек филологияси факультети декани лавозимларида фаолият кўрсатган.
2011-2013 йилларда институт илмий кенгаш котиби бўлиб фаолият олиб борди.
2013-2022 йилларда Навоий давлат педагогика институти “Ўзбек тилшунослиги” кафедраси доценти, 2022 йил декабрь ойидан бошлаб эса Навоий давлат педагогика институти “Ўзбек тилшунослиги” кафедраси мудири ва институт Жамоатчилик Кенгаши раиси лавозимида фаолият юритиб келмоқда. 2002 йил февраль ойида филология фанлари доктори Б.Бафоев илмий раҳбарлигида “Зоонимларнинг бадиий санъат турларини ҳосил қилишдаги иштироки” (Алишер Навоий асарлари мисолида) мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. Айни пайтда филология фанлари доктори, профессор Б.Менглиев илмий маслаҳатчилигида “Ўзбек тилида “қадрият” мазмуний майдони” (10.00.01– Ўзбек тили) докторлик диссертацияси устида иш олиб бормоқда.
Илмий-педагогик фаолияти давомида 160 дан ортиқ мақола, 3 та монография, 9 та услубий қўлланма, 40 га яқин публицистик мақолалар чоп эттирган. Б.Зарипов 6 нафар номдор стипендиант, 29 нафар магистрант ҳамда 3нафар докторантларнинг илмий раҳбаридир.
Б.Зарипов юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш, ёшларнинг истеъдодини шакллантириш ва рўёбга чиқариш борасида ўз мактабини яратган моҳир педагог, талабаларнинг севимли устози сифатида танилганлиги, дарсларни илмий-услубий жиҳатдан юқори савияда ўта олиши, ўз фанини чуқур билиши, назарий билими пухталигини кўрсата олганлиги, ўз дарсларини илғор педагогик ва ахборот технологиялари ҳамда интерфаол усуллар асосида ўтаётганлигини эътиборга олиб, 2006 йил Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 майдаги Фармонига биноан таъсис этилган “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги ” эсдалик нишони билан мукофотланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда маънавий-маърифий ишларнинг самараси ва таъсирчанлигини ошириш, кўлами ва миқёсини янада кенгайтиришда ўзининг ташаббускорлиги билан муносиб ҳисса қўшганлиги учун вилоят ҳокимининг ташаккурномаси, “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсад ва устувор вазифалар” мавзусида 2022 йил март-май ойларида ўтказилган тадбирларда фаол иштирок этганлиги учун Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг ташаккурномаси, олий таълим тизимидаги самарали фаолияти, мамлакатимизда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ёш авлодга таълим-тарбия беришдаги хизматлари, институтда таҳсил олаётган иқтидорли талабаларга номдор давлат стипендияларини олишдаги катта меҳнатлари учун институт ректорининг ташаккурномаси билан тақдирланган